Shaxs tiplariga psixologik tavsif

  1. Geometrik shakllar asosida

Психогеометрия – шахсни ўрганиш унинг хусусиятларини таҳлил қилишнинг қулай усулидир. А.Алексеев ва Л.А.Громоваларнинг фикрича бу методика:

  1. Шахс типини тезкор аниқлайди.
  2. Шахс хусусиятлари ва ҳатти ҳаракатининг ўзига хослигини тушунарли, аниқ изоҳлаб беради.
  3. Типик ҳолатларда шахснинг ўзини тутиши бўйича ҳатти-ҳаракатлар тизими қандай бўлиши ҳақида маълумот беради. Психогеометрия усул сифатида Америкада шаклланган, унинг муаллифи раҳбар ходимларни ижтимоий – психологик тайёрлаш бўйича мутахассис Сюьзен Дилингер ҳисобланади. Бу методиканинг аниқлик даражаси 85% гача ташкил этади. (Сизга ҳавола этилган тест миллий шароитга мослаштирилган).

 

 

Кўрсатма; Қоғозга чизилган 5-та геометрик шаклларга қаранг (квадрат, учбурчак, доира, зигзак, тўртбурчак). Мазкур шакллардан бирини танланг (фараз қилинг бу шакл Сиз!). Ўз шаклингизни ҳис қилишга ҳаракат қилинг. Агар бунга қийналсангиз, сизни кўпроқ қизиқтирган шаклни танланг  ва унинг номини биринчи ёзинг. Энди қолган шаклларни ёқтирганингиз даражасига асосан тартиб билан ёзиб чиқинг.

Демак, ишнинг энг қийин қисми тугади. Сизнинг субъектив танлаган  асосий шаклингиз  характер хусусиятларингиз ва ҳатти ҳаракатларингиз моҳиятини аниқлаш имконини беради. Бошқа шакллар эса доимий сифатларингиз тўғрисидаги маълумотларни тўлдиради. Охирги шакл ўзаро муносабатлар сиз учун оғир кечадиган кишилар типига тегишли. Бирорта ҳам шакл сизга ёқмаслиги, ёки тўғри келмаслиги ҳам мумкин. Шунда сизнинг шахс хусусиятларингизни икки, ҳатто учта шакл гуруҳлари асосида изоҳлашга тўғри келади.

Квадрат

Квадратлар энг аввало ўзларининг меҳнатсеварлиги, сабр, тоқат билан бошлаган ишни охирига етказиш хусусиятлари билан ажралиб турадилар. Сабр-бардошлилик, чидам квадратни ўз соҳасининг уста мутахассиси бўлиб етишишига олиб келади. Янги информацияга (ахборотга) бўлган эхтиёжнинг юқорилиги ҳам бунга  ёрдам беради. Квадратлар ҳар хил маълумотларни тўплаб юрадилар, уларни тартибга солиб, системалаштирадилар, шунинг учун улар зарур информацияни дарҳол топиб беришлари мумкин.

Дарҳақиқат квадратлар ўз соҳасига тегишли маълумотлар манбаи ҳисобланадилар. Уларнинг яна бир кучли томонлари, фикрий таҳлил ҳисобланади. Агар сиз ўзингиз учун квадратни танлаган бўлсангиз, сизда чап ярим шарлар фаолроқ ҳисобланади, яъни сизда информацияни кетма-кет тартиб билан қайта ишлаш изчил а-б-в-г ва ҳ.к. тарзда кечади.

Квадратлар натижани тахминан эмас, аниқ ҳисоблайдилар. Улар ҳодиса ва воқеаларга жуда эътиборли. Тартиб, интизомни хуш кўрадилар. Квадратлар режали, аниқ мақсадли ҳаётни ёқтирадилар, воқеаларнинг одатий кечишидаги ўзгаришларни ёқтирмайдилар. Улар доимо одамлар ва атрофидаги нарсаларни ташкиллаштирадилар (тартибга соладилар). Бу хусусиятлар квадратларни яхши иш юритувчи, ижрочи бўлишларини таъминлайди. Лекин афсуски улардан яхши иш берувчи, менеджер чиқиши қийинроқ. Ўта майда-чуйдаларга эътибор, аниқлик киритиш учун қўшимча маълумотлар асосида қарор қабул қилиш, уларнинг тезкорлигини сусайтиради. Ўта тартиблилик, қонун-қоидага аниқ риоя қилиш уларда ўта кучлидир. Қарор қабул қилишда айниқса, таваккал иш тута олмайдилар.

Квадратлардаги совуққонлик, ҳиссиётга берилмаслик, аниқлилик ҳар хил одамлар билан алоқада бўлишини қийинлаштиради.

 

Учбурчак

Улар ҳаракатчан, кучли шахслар. Ўз олдиларига аниқ мақсадлар қўядилар ва одатда уларга эришадилар. Энг асосий нарсани илғаб олиш уларнинг характерли белгиларидир.

Учбурчакнинг етакчи сифати биринчи бўлишга интилишдир. Учбурчакларда квадратлар каби фаоллик чап ярим шарларга тўғри келиб, улар яхшигина интеллект соҳибидирлар. Вазиятни тез ва чуқур таҳлил қилиш ва шу аснода масаланинг мазкур шароитдаги энг тўғри ечимини топишга қодирдирлар. Шу сабабли учбурчаклардан жуда яхши раҳбарлар, менеджерлар чиқади. Улар ўз ишлари ва қўл остидагилар меҳнатини «юқори лавозимдаги бошлиқ» эътиборига қандай тақдим этишни билишади.

Учбурчаклар ўзларини доимо ҳақ деб ҳисоблайдиган, ўзига ишонган одамлар. Доимо ҳақ бўлишга кучли эҳтиёж, бошқарувга интилиш ҳисси, масалани фақат ўзи учун эмас, ўзгалар учун ҳам ҳал қилишга ҳаракат қилиш учбурчакларни доимо бошқалар билан беллашишга, курашга даъват қилади. Бундай шахслар дунёқарашида омад, ғалаба, ютуқ каби тушунчалар етакчи ўринни эгаллайди.

Улар кўпинча таваккалчи, тоқатсиздирлар, айниқса қарор қабул қилишда иккиланадиган кишиларга тоқатлари йўқ. Учбурчаклар ўз хатоларини тан олишни ёқтирмайдилар. Жуда қийинчилик билан ўз хатоларига иқрор бўладилар. Кўпинча улар ўз сўзларида туриб оладилар. Эътирозни қабул қилмайдилар ва ўз билганларича иш тутадилар. Шу қаторда улар асосий мақсадларига олиб борадиган нарсаларни, фойдали ахборотларни тез сингдириб оладилар.

Учбурчаклар шухратпараст, каръерист, жамиятда юқори даражага эришишга ҳаракат қилишади. Ишга киришишдан олдин ва қарор қабул қилишда учбурчаклар ўз олдиларига қуйидагича савол қўядилар: «Хўш мен бундан қандай манфаат кўраман?». Улар фойда келтирадиган ишни юз чақиримдан сезишади ва унинг учун рақиблари билан аёвсиз курашга тайёр бўлишади. Бироқ уларнинг асосий салбий сифатлари кучли эгоцентризм, ўзига йўналганликдир. Учбурчаклар ҳокимият чўққисига интилиш йўлида ҳар қандай воситадан фойдаланишга тайёр, ўз мақсадларига эришишда бошқаларнинг хоҳишларини ҳисобга олмаган ҳолда, уларнинг боши устидан юриб боришдан қайтмайдиган кишилар тоифасидандир.

Учбурчак ҳамма-ю ҳаммани ўз измига солишга ҳаракат қилади. Уларсиз ҳаёт ўз кескинлигини йўқотган бўларди.

Айлана

Айлана – бу мутаносибликнинг фалсафий тимсолидир. Ким бу шаклни танлаган бўлса, у яхши шахслараро муносабатга астойдил интилади. Одамлар ва уларнинг роҳат-фароғати айлана учун олий ҳимматдир.

Айлана бошқа шакллар ичида кўпроқ одамларга яхшилик тиловчи уларни бирлаштирувчи шаклдир. У жамоани, оилани мустаҳкамлаш учун ҳизмат қилади. Айлана-ажойиб нотиқ, эътиборли тингловчи. Атрофидаги одамларга ҳамдардлик уларнинг хурсандчилиги-ю ташвишига шериклик айланага хос, у сезгирлик билан ўксик кўнгилга таскин беришга шошилади. Айланалар одамларни тез «билиб оладилар», алдамчи, худбин кишиларни тезда пайқаб олиш хусусиятига эгадирлар. Айлана-ўз жамоаси учун қайғуради ва ўз касбдошлари орасида ҳурмат-эътиборга сазовор кишидир.

Аммо улар бизнес соҳасида муваффақиятли фаолият кўрсата олмайдилар, яъни мененжер ва раҳбарлик соҳасида бўшроқ ҳисобланадилар. Чунки, биринчидан, айланада шахс йўналганлиги одамларга қаратилган бўлиб, ҳар бир кишининг оғирини енгил қилишга уринадилар. Улар тинчлик ва осойишталикни сақлашга уринадилар, ҳамда ўта қатъий қарор чиқаришдан қочадилар.

 Айлана учун муросасизлик оғир ҳолат, одамларнинг иноқ, аҳиллиги ва яхши муносабатда бўлишлари бахтдир. Шунинг  учун ким биландир тортишиб қолса ёки зиддиятли вазиятларда биринчи бўлиб айлана ён беради ва муросага киришади.

Иккинчидан, айлана «сиёсий ўйинлар»да заиф, бунда унга қатъийлик етишмайди. Шунинг учун айланадан қатъийроқ шахслар (масалан учбурчак) кўпинча айланани тазйиққа оладилар. Айлана учун ҳокимият кимнинг қўлида эканлиги аҳамиятли эмас, унга ҳамма рози, атрофида тинчлик бўлса бас. Лекин бир нарсада, яъни ахлоқ ва адолат масаласида, айлана қатъийлик ва қаттиққўлликни намоён этади. Ўзининг айлана тимсолида кўрадиган шахсларда миянинг ўнг ярим шарлари фаол бўлиб фикрлар образли, интуитив, эмоционал ифодаланган, интеграл кечади.

Айланаларда ахборот ўзлаштириш жараёни узуқ-юлуқ, маълумотлар занжирининг алоҳида қисмлари ташлаб кетилган ҳолда кечади, аммо бу нарса улар мантиқдан йироқ кишилар деган хулосага олиб келмаслиги керак. Улар ҳаётий муаммоларни ҳал қилишда расмиятчиликдан қочишади, холос.

Айланалар тафаккури шаклининг асосий хусусияти – муаммонинг субъектив жиҳатлари (ҳиссиёт, баҳолаш ва қадрият)га асосланишдир. Улар турли қарама-қарши қарашлар орасида ҳам умумийликни топишга интиладилар. Айланаларни туғма психологлар деб айтса бўлади, бироқ жиддий, улкан ишларнинг бошида туришлари учун уларда «тўғри чизиқли биродарлари» (учбурчак ва квадрат)да бўлган ташкилотчилик қобилияти етишмайди.

Тўғритўртбурчак

Бу шахснинг даврий ўтиш шакли бўлиб, ҳаётнинг маълум бир бўлакларида нисбатан мутлоқ ҳисобланган тўрт шаклда ҳам намоён бўлиши мумкин. Бу одамлар ўз ҳаётларининг ҳозирги кечиш тарзидан қониқмайдилар ва унинг яхшиланиши учун изланиш ва ҳаракатда бўладилар. Тўғри, бу шаклни танлаш сабаблари турлича бўлиши мумкин, аммо уларни бирлаштириб турувчи нарса битта – инсоннинг ўзгаришларга хайрихоҳлигидир.

Тўғритўртбурчакнинг асосий психологик ҳолати-муаммони тушуниб етишда ноаниқлик, довдираб қолиш, чувалаштириб юбориш, шунингдек, ўз-ўзига бўлган муносабатларининг ҳам маълум бир  вазиятларда ноаниқлиги кузатилади.

 Тўғритўртбурчак ҳолатлари кунаро, хатто кун давомида ўзгариб туради. Уларнинг ўз-ўзини баҳолаши деярли доим паст бўлганлиги учун «яхши» бўлишга интиладилар. Янги иш услубларини излайдилар. Ҳаёт тарзини яхшилашга интиладилар. Агар тўғритўртбурчакнинг ҳатти-ҳаракатини диққат билан кузатсак, у бошқа шакллар: «учбурчак», «айлана» ва бошқаларнинг «кийимлар»ини «кийиб» кўради. Тўғритўртбурчакларниниг ҳатти-ҳаракатлари кутилмаганда шиддатли, кескин, ўзгариб туриши атрофдагиларни сергак тортиради ва улар онгли равишда бундай «ўзгарувчан одам» билан мулоқотга киришишдан қочишлари мумкин. Аслида эса улар учун бошқалар билан мулоқотда бўлиш заруратдир, ўзгарувчанликнинг яна бир қийинчилик томони ҳам шунда.

Тўғритўртбурчаклардаги ижобий фазилатлардан бири ҳаётий қизиқувчанлик, фаоллик ва жасоратдир. Тўғритўртбурчаклар уларгача ҳеч ким қилмаган ишларни қилишга, ҳеч ким ўйлаб кўрмаган саволларга жавоб беришга ҳаракат қилишади. Бу шаклни танлаган кишилар мазкур ҳаётий босқичда янги ғоялар, қадриятлар, турли қараш ва ҳаёт тарзларини осонгина қабул қилишади. Тўғри, иккинчи томондан қараганда, бу нарса уларни ҳаддан ташқари ишонувчан, турли таъсирларга берилувчан, соддароқ бўлишларига олиб келади. Шунинг учун ҳам бошқалардан кўра уларга таъсир ўтказиш осонроқ.

Зигзаг

Бу шакл-ижодкорлик тимсолидир. Зигзаг-ҳақиқий ўнг ярим шарнинг фаоллиги акс этган ноанъанавий фикрловчи шахс. Унга образли фикрлаш, олдиндан ҳис этиш (интуиция), интегратив (мужассамий) фикрлаш хусусияти хосдир. Унинг ўй-фикрлари бир зумда бир-биридан узоқ бўлган нуқталарга кўчиши мумкин, шунинг учун атрофдагиларга уларни тушунишлари қийин кечади.

Зигзагларга кўпроқ тафаккурнинг синтетик тури хосдир. Уларга бир-биридан мутлоқ фарқ қиладиган ғояларни бирлаштириб, мужассамлаштириб, шу асосда бутунлай янги ўзига хос ғоялар яратиш ёқади.

Айланалардан фарқли ўлароқ зигзаглар келишувлар, консенсусларни афзал кўрмайдилар, улар ўз мақсадларига ён босишлар орқали эмас, балки ғоялар қарама-қаршилигини кучайтириш ва низо ўз ечимини топиши мумкин бўлган янги концепцияларни яратиш йўли билан эришадилар.

Табиатан ақлли ҳисобланган Зигзаглар ғоят тили заҳар бўлишлари ҳам мумкин. Улар дунёни доимий ўзгаришда кўришни хоҳлайдилар. Шу сабабли улар учун ҳамма билан муросага келувчилар, ўзгармайдиган қонун-қоида, кўрсатма каби нарсалардан кўра зерикарлироқ нарса йўқ.

Зигзаглар бир тизимга солинган вазиятда ишлай олмайдилар. Қатъий белгилаб қўйилган мажбуриятлар ва доимий иш тартиблари, аниқ вертикал ва горизонтал алоқалар уларнинг ғашига тегади. Уларга ранг-баранглик ва фаолиятга ундовчи юқори даражадаги мотивлар керак. Шундагина Зигзаглар жонланади ва ўзининг бунёдкорлик, янги ғоя ва иш услубларини яратиш вазифасига киришади. Улар нарсаларнинг ҳозирда ва ўтмишда одатий бўлган яратилиш йўлларидан қониқмайдилар. Бу шахслар келажакка интилувчи ва уларни хақиқий воқеликдан кўра олдинда қандай имкониятлар мавжудлиги кўпроқ қизиқтиради. Бошқаларга нарсалар олами қанчалар реал бўлса, улар учун ғоялар дунёси шунчалик ҳақиқийдир. Улар ҳаётининг кўпроқ қисмини мана шу «ғоялар дунёси»да ўтказадилар. Шу туфайли уларда ишга амалий нуқтаи назардан ёндошмаслик, ҳаётдан узоқлик ва соддалик каби хусусиятлар мавжуддир. Зигзаглар барча шакллар ичида энг тез қўзғалувчан, завқ-шавққа тўлиқ кишилардир. Ўзларида янги  қизиқарли ғоялар туғилганда улар бутун дунёга жар солишга тайёр бўладилар. Бироқ уларга сиёсатдонлик етишмайди, улар тийиқсиз, шарттаки ва бу уларнинг ўз ғояларини амалга оширишларига халақит беради.

Бундан ташқари Зигзаглар аниқ деталларни ишлаб чиқишда нўноқроқ (ғояларни амалга оширишда эса бу нарса муҳим) ва ишнинг якунига етказишда кўпам тиришқоқлик кўрсатмайдилар, чунки ўз янгилигини йўқотганидан сўнг ғояга бўлган қизиқиш ҳам йўқолади.

 

 

ЖАВОБ ВАРАҚАСИ

 

Ф.И.Ш  —————————————————————————————————-

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассаса номи—————————————————-

 

———————————————————————————————————————

 

Босқич——- Гуруҳ_________                                                       Ўтказилган сана________

 

Кўрсатма: қоғозга чизилган 5-та геометрик шаклларга қаранг (квадрат, учбурчак, доира, зигзак, тўртбурчак). Мазкур шакллардан бирини танланг (фараз қилинг бу шакл Сиз!). Ўз шаклингизни ҳис қилишга ҳаракат қилинг. Агар бунга қийналсангиз, сизни кўпроқ қизиқтирган шаклни танланг  ва унинг номини биринчи ёзинг. Энди қолган шаклларни ёқтирганингиз даражасига асосан тартиб билан ёзиб чиқинг.

 

              1                        2                               3                         4                                        5

 

 

 

 

 

 

 

1.  

 

2.  

 

3.  

 

4.  

 

5.  

 

 

Добавить комментарий